Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги
бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти тўғрисида намунавий

 

Н И З О М

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсатининг

2013 йил «26» январ даги

9-15-сонли қарорига илова

 

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги

бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти тўғрисида намунавий

 

Н И З О М

 

  1. Умумий қоидалар
  2. Бошланғич ташкилотни ташкил этиш
  • Бошланғич ташкилотнинг мақсад ва вазифалари
  1. Бошланғич ташкилотнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
  2. Бошланғич ташкилот фаолиятининг асосий тамойиллари
  3. Бошланғич ташкилотнинг ташкилий тузилиши
  • Бошланғич ташкилотнинг органлари
  • Бошланғич ташкилотнинг умумий йиғилиши (конференцияси)
  1. Бошланғич ташкилот касаба уюшмаси қўмитаси, касаба уюшмаси ташкилотчиси
  2. Бошланғич, цех ташкилотининг тафтиш комиссияси
  3. Бошланғич ташкилот умумий йиғилиши (конференцияси), сайлаб қўйиладиган органлари мажлисларининг ҳуқуқли бўлиши, уларда қарорлар қабул қилиш ва овоз бериш шакллари
  • Бошланғич ташкилотнинг маблағлари ва мулки
  • Бошланғич ташкилотда меҳнат муносабатлари
  • Бошланғич ташкилотнинг ҳисоби ва ҳисоботи
  1. Бошланғич ташкилотнинг юридик шахс сифатидаги ҳуқуқлари
  • Бошланғич ташкилотни тугатиш ёки қайта ташкил этиш тартиби

 

 

  1. I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1.1. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти (кейинги ўринларда «бошланғич ташкилот» деб юритилади) касаба уюшмаси аъзоси бўлган, корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият олиб бораётган ходимлар ҳамда олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида таҳсил олаётган ўқувчи-талабалар томонидан ихтиёрийлик асосида ташкил этиладиган ўзини ўзи бошқарувчи нодавлат нотижорат жамоат ташкилоти ҳисобланади.

1.2. Бошланғич ташкилот ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси, «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида»ги, «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги ва нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятини тартибга солувчи бошқа Қонунлар, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва тармоқ касаба уюшмалари Уставлари ҳамда мазкур Низомга мувофиқ олиб боради.

Бошланғич ташкилот Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Устави ва Ҳаракат дастурига, тармоқ касаба уюшмалари Уставлари ҳамда мазкур Низомга зид бўлмаган ўз низомлари, дастурий ҳужжатларига эга бўлиши мумкин.

1.3. Бошланғич ташкилот ўз фаолиятида мулкчилик шаклидан қатъи назар, давлат ижроия органлари, иш берувчилар ва уларнинг бирлашмалари, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил бўлиб, улар олдида ҳисобдор эмас ва улар томонидан назорат қилинмайди, қонунчиликда кўзда тутилган ҳоллар (Ўзбекистон Республикасининг «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги Қонуни 21-моддаси 5-қисми, 33-моддаси ва бошқалар) бундан мустасно.

 

  1. БОШЛАНҒИЧ ТАШКИЛОТНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

2.1. Бошланғич ташкилот юридик шахс бўлган корхона, ташкилот ва муассасаларда касаба уюшмаси аъзолари 3 нафардан кам бўлмаган тақдирда ташкил этилади.

2.2. Бошланғич ташкилотни тузиш ва тармоқ тамойили бўйича касаба уюшмаси хизматига ўтиш тўғрисидаги қарор касаба уюшмаси аъзоларининг таъсис йиғилиши (конференцияси) томонидан қабул қилинади ҳамда бу ҳақда 10 кун муддатда тегишли юқори касаба уюшмаси органига хабар қилинади.

2.3. Таркибий тузилмасидаги бўлим, бўлинмалари юридик шахс бўлган корхона, ташкилот, муассаса, бирлашмаларда ягона касаба уюшмаси ташкилотини ёки бирлашган касаба уюшмаси қўмитасини тузиш тўғрисидаги қарор касаба уюшмаси Марказий кенгашининг Раёсати томонидан қабул қилинади.

2.4. Корхона, ташкилот, муассаса, бирлашмаларда ягона касаба уюшмаси бошланғич ташкилоти тузилса, таркибий тузилмалардаги касаба уюшмаси ташкилотлари цех ташкилотлари, касаба уюшмаси гуруҳлари ҳисобланади.

Корхона, ташкилот, муассаса, бирлашмаларда бирлашган касаба уюшмаси қўмитасини сайлаш тўғрисида қарор қабул қилинган ҳолларда уларнинг таркибий бўлинмаларидаги касаба уюшмаси ташкилотлари бошланғич ташкилотлар ҳисобланади.

3 нафаргача ходим ишловчи хўжалик субъектларидаги касаба уюшмаси аъзолари ўз хоҳишларига кўра, соҳага тааллуқли бўлган корхона, ташкилот, муассасалардаги бошланғич ташкилотлардан бирида ҳисобда туришлари, шунингдек ўхшаш (ишловчилар сони 3 нафаргача бўлган) бир неча хўжалик субъектларининг ягона бошланғич ташкилотини тузишлари мумкин.

Бундай ҳолда бошланғич ташкилотни тузиш ва касаба уюшма хизматига ўтиш мазкур Низомнинг 2.2.-бандида кўзда тутилган тартибда амалга оширилади.

2.5. 1000 нафардан ортиқ касаба уюшмаси аъзосига эга бўлган бошланғич ташкилот касаба уюшмаси қўмитаси, шунингдек, ҳудудий жиҳатдан тарқоқ ҳолда ишлайдиган бошланғич ташкилот касаба уюшмаси қўмитасига касаба уюшмаси Марказий кенгаши Раёсатининг қарорига кўра мазкур қўмитанинг раёсатини сайлаш ҳамда унинг ваколатларини белгилаш ҳуқуқи берилиши мумкин.

2.6. Касаба уюшмаси ташкилоти бўлмаган корхона, ташкилот, муассасаларда ходимлар ва ўқувчиларни касаба уюшмаси аъзолигига қабул қилиш соҳа бўйича Республика бирлашган касаба уюшма қўмиталари, касаба уюшмалари туман, шаҳар кенгашлари, бирлашган қўмиталарнинг раёсатлари томонидан амалга оширилади.

Мазкур банднинг биринчи қисмида кўрсатилган касаба уюшмалари органлари томонидан касаба уюшмаси аъзолигига қабул қилинганлар (3 нафардан кам бўлмаган ҳолларда) корхона, ташкилот, муассасада 2.2.-бандда кўрсатилган тартибда бошланғич ташкилотни тузадилар.

2.7. Бошланғич ташкилотларда касаба уюшмаси бюджети ҳисобидан ҳақ олиб ишлайдиган лавозимлар (қўмита раиси, ҳисобчи ва ҳ.к.) жорий этилиши мумкин. Мазкур лавозимлар бошланғич ташкилотдаги касаба уюшмаси аъзолари сонидан, лавозимдаги ходимларни сақлаб туриш учун харажатлар миқдори амалдаги меъёрий ҳужжатларда белгиланганидан ортиб кетмаслигидан келиб чиққан ҳолда касаба уюшмалари Марказий кенгашлари Раёсатларининг қарори билан жорий этилади.

2.8. Бошланғич ташкилот Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига бевосита аъзо бўлиши мумкин эмас.

 

III. БОШЛАНҒИЧ ТАШКИЛОТНИНГ
МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ

3.1. Қуйидагиларга эришиш бошланғич ташкилотнинг асосий мақсади ҳисобланади:

миллати, жинси, ёши ва диний эътиқодидан қатъи назар бошланғич ташкилот ҳар бир аъзосининг меҳнат қилиш, ишни, касбни эркин танлаш, адолатли меҳнат шароити яратиб берилиши ва ишсизликдан ҳимоя қилинишга доир конституциявий ҳуқуқлари ҳимоя қилинишига;

корхона, идора, ташкилот ва муассасада иш билан таъминланганликнинг энг юқори даражада бўлишига, даромадлар оширилиши ва мулкий табақаланиш даражаси камайтирилишига;

меҳнатга ҳақ тўлаш ва меҳнат режимининг ижтимоий адолатли тизими жорий этилишига;

жамоа шартномалари тузилиши ва уларнинг бажарилиши устидан назоратнинг амалга оширилишига;

жамоа шартномаларида қабул қилинган ва амалга оширилаётган кафолат ва имтиёзларнинг сақлаб қолиниши ва кенгайтирилишига;

меҳнат қонунчилиги, меҳнатни ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қонунлари, қоида ва меъёрларига риоя этилишига;

ижтимоий мулоқот ҳамда ижтимоий шерикчилик йўлга қўйилишига, жамоа музокараларини ташкил этилишига;

ишлаб чиқаришнинг ривожланиш даражасига биноан ходимлар малакасининг оширилиши ҳамда касб жиҳатидан қайта тайёрлашнинг тизимли ва мунтазам равишда олиб борилишига;

ходимларни, айниқса, ёшларни меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳимоя қилишга йўналтирилган дастурларни ишлаб чиқишда иш берувчилар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат ташкилотлари билан яқин ҳамкорлик қилинишига;

маданий-маърифий, жисмоний тарбия ва спорт тадбирларининг ўтказилишига, бўш вақтдан оқилона фойдаланиш учун шароитлар яратиб берилишига, касаба уюшмаси аъзолари ва уларнинг оила аъзолари соғломлаштирилишига.

3.2. Бошланғич ташкилот ўз мақсадларига эришиш учун ўзининг сайлаб қўйиладиган ва коллегиал органлари орқали:

ходимларнинг ишлаб чиқариш, меҳнат, меҳнатни муҳофаза қилиш, маиший турмуш, маънавий-маърифий, жисмоний тарбия ва спорт, соғломлаштириш соҳаларидаги қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ифода этади ва ҳимоя қилади;

меҳнат қонунчилиги, меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, бошқа меҳнат ҳуқуқи нормалари мавжуд бўлган норматив ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади;

меҳнат жамоалари номидан иш берувчилар билан жамоа шартномаларини тузади ва уларнинг бажарилишини назорат қилади;

корхона (ташкилот, муассаса)ни ижтимоий ривожлантиришнинг жорий ва истиқболли режалар ишлаб чиқилишида, якка тартибдаги ва жамоага доир меҳнат низоларининг ҳал этилишида иштирок этади;

амалдаги қонунларга ва меъёрий ҳужжатларга мувофиқ, унинг ихтиёрида қолдирилган маблағлар доирасида, касаба уюшмаси бюджети ва уни сарфлаш сметасини тасдиқлайди ҳамда мазкур маблағларни белгиланган мақсадларга сарфлайди;

касаба уюшмаси йиғилишлари, конференциялари, қурултойлари, юқори касаба уюшмаси органларининг қарорлари бажарилишини ташкил этади;

меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш, маданий-маърифий ва оммавий спорт ишларини ташкил қилади;

касаба уюшмаси аъзоси бўлмаган ходимлар, ўқувчи-талабаларни касаба уюшмаси аъзолигига қабул қилиш тўғрисида қарорлар қабул қилади.

  1. IV. БОШЛАНҒИЧ ТАШКИЛОТНИНГ
    ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

4.1. Бошланғич ташкилот (унинг сайлаб қўйиладиган органлари) ўз мақсад ва вазифаларини амалга оширишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Федерация ва тармоқ касаба уюшмасининг Уставлари, мазкур Низом тамойилларига зид бўлмаган меъёрий ва бошқа локал ҳужжатларни қабул қилиш;

белгиланган тартиб ва меъёрга мувофиқ ўз вакилларини юқори касаба уюшмалари органлари таркибига сайлаш, уларни чақиртириб олиш ва алмаштириш;

касаба уюшмалари фаолиятининг барча масалалари бўйича сайлаб қўйиладиган юқори касаба уюшмалари органларига мурожаат этиш, ахборот олиш, зарурат туғилганда, қўйилган масалалар ҳал этилишида қўллаб-қувватланиш;

юқори ташкилотлар қурултойлари, конференциялари ва сайлаб қўйиладиган органлари томонидан кўриб чиқилиши учун ҳужжатлар лойиҳаларини киритиш;

ўз вакиллари орқали юқори касаба уюшмалари ташкилотларининг коллегиал органлари ишида иштирок этиш;

юқори касаба уюшмалари органлари томонидан ўтказилаётган тадбирлар, ўқув семинарларига ўз вакилларини йўллаш;

касаба уюшмалари ходимлари ва фаолларини Федерация нишонлари ва Фахрий ёрлиқлари билан тақдирлаш тўғрисида белгиланган тартибда таклифлар, шунингдек, уларни Давлат мукофотларига тақдим этиш, фахрий унвонлар бериш масалаларида қўллаб-қувватлашни сўраб юқори касаба уюшмаси органларига тақдимномалар киритиш;

ҳар қандай аралашувларсиз ўз ишини мустақил равишда режалаштириш ва ташкил этиш;

меҳнат, меҳнатни муҳофаза қилиш, аҳолини иш билан таъминлаш, касаба уюшмалари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини олиб бориш;

ходимларнинг илтимосига биноан ёки ўз ташаббуси билан уларнинг меҳнат муносабатларига оид ҳуқуқларини ҳимоя қилиб судга мурожаат қилиш;

ходимларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқини ҳимоялаш;

ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш, кам таъминланган ходимларга белгиланган тартибда моддий ёрдам кўрсатиш;

касаба уюшмаси фаолиятини тарғиб этиш ҳамда ёритиш мақсадида оммавий ахборот воситаларидан ҳамда ахборот коммуникация технологияларида имкониятларидан кенг фойдаланиш.

4.2. Бошланғич ташкилот (унинг сайлаб қўйиладиган органлари) ўз фаолияти давомида қуйидагиларга мажбур:

Федерация ва тармоқ касаба уюшмаси Уставлари ҳамда мазкур Низом қоидаларига риоя этиш ва уларни бажариш;

юқори касаба уюшмалари органларининг ўз ваколатлари доирасида ҳамда Уставларга мувофиқ қабул қилган қарорлари ижросини таъминлаш;

касаба уюшмасига аъзолик бадалларидан чегирмаларни Федерация Кенгаши томонидан белгиланган миқдорда, муддатда ва тартибда тегишли юқори касаба уюшмаси органига ўз вақтида ўтказиб бориш;

юқори ташкилотларнинг коллегиал органлари томонидан белгиланган тартибда ва ҳажмда ахборотлар, маълумотлар, статистик, молиявий ва бошқа ҳисоботларни ўз вақтида тақдим этиш;

Федерация ва унга кирувчи аъзо ташкилотлар манфаатларини камситувчи хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслик.

  1. V. БОШЛАНҒИЧ ТАШКИЛОТ ФАОЛИЯТИНИНГ
    АСОСИЙ ТАМОЙИЛЛАРИ

5.1. Бошланғич ташкилот ўз фаолиятини қуйидаги тамойиллар асосида олиб боради:

бошланғич ташкилот раҳбар органларининг сайлаб қўйилиши;

бошланғич ташкилот сайлаб қўйиладиган органларининг ўз ташкилоти ва юқори касаба уюшмаси органлари олдида уларга берилган ваколатлар доирасида ҳисобот бериши;

бошланғич ташкилот ва унинг сайлаб қўйиладиган органлари ишида коллегиаллик, ошкоралик;

касаба уюшмалари аъзоларининг тенг ҳуқуқлилиги;

қарорлар қабул қилиш чоғида мунозара эркинлиги ва қабул қилинганидан кейин сўзсиз бажарилишининг таъминланиши.

  1. VI. БОШЛАНҒИЧ ТАШКИЛОТНИНГ
    ТАШКИЛИЙ ТУЗИЛИШИ

6.1. Бошланғич ташкилот қуйидаги ташкилий тузилмага эга бўлиши мумкин:

касаба уюшмаси қўмитаси (йирик бошланғич ташкилотларда касаба уюшмаси қўмитаси раёсати);

цех касаба уюшмаси ташкилотлари;

касаба уюшмаси гуруҳлари;

ўз мустақил бюджетига эга бўлган бошланғич, цех ташкилотларида тафтиш комиссиялари.

Бошланғич ташкилот касаба уюшмаси қўмитасининг қарорига мувофиқ корхона, ташкилот, муассасаларнинг тузилмавий бўлинмаларида цех ташкилотлари, касаба уюшмаси гуруҳлари ташкил этилиши мумкин.

Касаба уюшмаси аъзолари сони 30 нафаргача бўлган тузилмавий бўлинмаларда касаба уюшмаси гуруҳлари, 30 нафар ва ундан ортиқ бўлган ҳолларда — цех ташкилотлари ташкил этилади.

Йирик цех ташкилотларида бригадалар, участкалар, сменалар бўйича ҳам касаба уюшмаси гуруҳлари ташкил этилиши мумкин.

VII. БОШЛАНҒИЧ ТАШКИЛОТНИНГ ОРГАНЛАРИ

7.1. Қуйидагилар бошланғич ташкилотнинг органлари ҳисобланади:

умумий йиғилиш (конференция);

касаба уюшмаси қўмитаси, йирик бошланғич ташкилотларда-касаба уюшмаси қўмитаси раёсати;

тафтиш комиссияси.

 

VIII. БОШЛАНҒИЧ ТАШКИЛОТНИНГ УМУМИЙ
ЙИҒИЛИШИ (КОНФЕРЕНЦИЯСИ)

8.1. Бошланғич ташкилотнинг умумий йиғилиши (конференцияси) бошланғич ташкилотнинг олий органи ҳисобланади.

8.2. Бошланғич ташкилотнинг умумий йиғилиши (конференцияси) заруриятга қараб, аммо йилига камида бир марта ўтказилади.

8.3. Ҳудудий жиҳатдан тарқоқ ҳолда бўлганлиги ёки бошланғич ташкилотда аъзолар кўпсонлилиги туфайли умумий йиғилишни ўтказиш имкони бўлмаган ҳолларда бошланғич ташкилотнинг конференцияси ўтказилади.

Конференцияга вакиллик меъёри ҳамда делегатлар сайлаш тартибини касаба уюшмаси қўмитаси ўз қарори билан белгилайди.

Касаба уюшмаси ташкилотининг умумий йиғилиши (конференцияси)ни чақириш, вакиллик нормаси ва кун тартиби тўғрисидаги қарор камида 3 кун олдин эълон қилинади.

8.4. Бошланғич ташкилотнинг навбатдан ташқари умумий йиғилиши (конференцияси) касаба уюшмаси қўмитаси қарори билан ўз ташаббусига биноан, бошланғич ташкилот аъзоларининг камида учдан бир қисмининг талабига кўра ёки юқори турувчи касаба уюшмаси органининг қарорига мувофиқ чақирилади.

8.5. Бошланғич ташкилот умумий йиғилиши (конференцияси)нинг ваколатлари қуйидагилардан иборат:

бошланғич ташкилот касаба уюшмаси қўмитасининг (ташкилотчисининг), тафтиш комиссиясининг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни эшитиш;

фаолиятига доир низомлар ва бошқа ҳужжатларни қабул қилиш, шунингдек, уларга қўшимча ва ўзгартишлар киритиш;

бошланғич ташкилот касаба уюшмаси қўмитасини (ташкилотчисини), тафтиш комиссияси аъзоларини сайлаш, уларнинг таркибидан раҳбарлар (раис, раис ўринбосари)ни сайлаш;

юқори касаба уюшмаси ташкилотларининг сайлаб қўйиладиган органлари таркибига вакиллар сайлаш, юқори касаба уюшмаси ташкилотларининг конференциялари (қурултойлари)га делегатлар сайлаш;

Уставларга мувофиқ бошланғич ташкилотларга берилган бошқа ваколатларни амалга ошириш.

 

  1. IX. БОШЛАНҒИЧ ТАШКИЛОТ КАСАБА УЮШМАСИ
    ҚЎМИТАСИ, КАСАБА УЮШМАСИ ТАШКИЛОТЧИСИ

9.1. Жорий ишларни олиб бориш учун касаба уюшмаси умумий йиғилиши (конференция)да қуйидагилар 5 йил муддатга сайланади:

касаба уюшмаси гуруҳларида – касаба уюшмаси гуруҳи ташкилотчиси;

30 нафаргача касаба уюшмаси аъзосини бирлаштирган бошланғич ташкилотда – касаба уюшмаси ташкилотчиси, унинг ўринбосари ва ғазначи;

30 ва ундан ортиқ касаба уюшмаси аъзоларини бирлаштирган бошланғич, цех касаба уюшмаси ташкилотларида – касаба уюшмаси қўмитаси, цех қўмитаси ва тафтиш комиссияси (мустақил бюджетга эга бўлган бошланғич, цех касаба уюшмалари ташкилотларида).

Касаба уюшмаси қўмитаси (раёсат сайланмаган ҳолларда), цех қўмиталари мажлислари  заруратга қараб, лекин ҳар чоракда камида бир марта, раёсат сайланган касаба уюшма қўмитаси мажлислари заруратга қараб, лекин йилига камида бир марта ўтказилади.

Бошланғич ташкилот касаба уюшма қўмитаси раёсатининг йиғилишлари заруратга қараб, лекин хар чоракда камида бир марта ўтказилади.

Касаба уюшмаси гуруҳлари, цех ташкилотларининг умумий йиғилишлари (конференциялари) заруратга қараб, лекин йилига камида бир марта ўтказилади.

9.2. Бошланғич ташкилот касаба уюшмаси қўмитаси:

юқори касаба уюшмалари органлари томонидан қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлайди;

бошланғич ташкилот аъзоларининг қонуний талабларини ифодалайди ва ҳимоя қилади;

корхона, ташкилот, муассасани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари, чора-тадбирларини тайёрлаш ва амалга ошириш билан боғлиқ бўлган ишларда иштирок этади;

иш берувчи билан меҳнат жамоаси номидан умумий йиғилиш (конференция)да маъқулланган жамоа шартномасини тузади;

иш берувчи томонидан қабул қилинадиган меҳнатга оид локал ҳужжатларни келишиб беради;

жамоа музокараларини олиб бориш, жамоа шартномаси ва унинг иловаларини сайлаб қўйиладиган органи (касаба уюшмаси қўмитаси, касаба уюшмаси ташкилотчиси) тимсолида ходимлар номидан имзолайди;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда иш берувчи томонидан маълум хатти-ҳаракатлар амалга оширилишидан олдин маслаҳатлашувлар ўтказилишини талаб қилади ва ўрнатилган тартибда амалга оширилишига розилик бериш ёки бермаслик масалаларини кўриб чиқади;

меҳнат низолари (можаролари)ни ҳал этишда иштирок этади;

Жамоа шартномасида назарда тутилган ҳолларда иш берувчининг ташаббусига кўра ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик бериш ёки бермаслик масаласини ҳал қилади;

бошланғич ташкилот фаолиятига раҳбарлик қилади;

иш берувчи билан ҳамкорликда санатория-профилактория ва болалар соғломлаштириш оромгоҳларига йўлланмалар учун смета тайёрлайди ва тасдиқлаш учун юқори касаба уюшмаси органига тақдим этади;

иш берувчиларнинг амалдаги қонунчиликка зид тарзда қабул қилган бошқарувга тааллуқли қарорларининг белгиланган тартибда бекор қилинишига эришади;

амалдаги қонунчиликка биноан, меҳнат қонунчилиги ва меҳнат муҳофазаси қоидаларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини ташкил этади, меҳнат ҳуқуқи, меҳнат ва саломатлик муҳофазаси масалалари бўйича меъёрий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этади, уларга риоя этилишини назорат қилади;

бошланғич ташкилот фаолларини ўқитишни ташкил этади, ўзаро ижобий тажриба алмаштириш чораларини кўради;

зарур ҳолларда, қўмита раисини сайлайди ва ўз вазифасидан озод этади, юқори касаба уюшмаси органлари таркибига ўз вакилларини сайлайди ва чақиртириб олади;

бошланғич ташкилот бюджетини бошқаради, касаба уюшмаси юқори органи тавсиялари асосида касаба уюшмаси қўмитасининг сарф-харажатлар сметасини тасдиқлайди, унинг бажарилишини назорат қилади, маблағдан чегирмаларнинг юқори касаба уюшмаси органларига ўз вақтида ва тўлиқ ўтказилишини таъминлайди;

касаба уюшмаси цех ташкилотлари, касаба уюшмаси гуруҳларини тузиш тўғрисида қарорлар қабул қилади.

9.3. Бошланғич ташкилот қўмитаси ваколатлари 30 нафаргача касаба уюшмаси аъзосини бирлаштирган бошланғич ташкилотда умумий йиғилишга  берилади.

Раёсат сайланган касаба уюшма қўмитаси ўзининг айрим ваколатларини Раёсатга бериши мумкин.

9.4. Бошланғич ташкилот касаба уюшмаси қўмитаси раиси:

ўз ваколати муддати давомида бошланғич ташкилот ишига раҳбарлик қилади, қўмита раёсати сайланмаган бўлса қўмита мажлисларини чақиради, уларга раислик қилади;

Бошланғич касаба уюшма қўмитаси раёсати сайланган бўлса қўмита йиғилишини чақириш ваколати раёсатга берилади.

Бир вақтнинг ўзида касаба уюшма қўмитаси раёсатига раислик қилади.

бошланғич ташкилот номидан давлат хўжалик бошқаруви органларида, жамоат ташкилотларида вакиллик қилади;

касаба уюшмаси қўмитаси қарорларини имзолайди;

касаба уюшмаси ва ижтимоий суғурта бюджети  маблағлари ҳисобидан олинадиган йўлланмаларни тақсимлайди, санаторий, дам орлиш уйлари ва санаторий- профилакторийларда дам олиш мақсадида мурожаат қилган ходимларнинг навбатини тузади, улардан мақсадли фойдаланилишини назорат қилади, ижтимоий суғурта бўйича юқори касаба уюшмаси органига ҳисобот тақдим этади, йўлланмалардан мақсадли фойдаланилиши бўйича жавобгар ҳисобланади;

касаба уюшмаси қўмитасида иш юритишни ташкил қилади, ҳужжатларнинг белгиланган тартибда олиб борилиши учун масъул ҳисобланади.

Бошланғич ташкилот касаба уюшмаси қўмитаси раиси умумий йиғилишлар оралиғида қўмитага ҳисобот бериб туради.

9.5. Бошланғич ташкилот касаба уюшмаси ташкилотчиси касаба уюшмаси қўмитасига берилган ваколатлар доирасида ишлаб чиқариш, меҳнат, маиший, дам олиш ва бошқа масалаларда касаба уюшмаси аъзоларининг манфаатларини ифодалайди ва ҳимоя қилади.

У касаба уюшмаси аъзолари билан якка тартибда иш олиб боради, уларнинг ҳар бирини жамоат ишларида фаол иштирок этишга жалб этади, ходимларнинг меҳнат ва маиший шароитларини яхшилаш, уларнинг саломатликларини мустаҳкамлаш ва дам олишларини ташкил этиш борасида ғамхўрлик қилади.

9.6. Бошланғич ташкилот касаба уюшмаси қўмитаси раиси, бошланғич ташкилот касаба уюшмаси ташкилотчиси касаба уюшмаси ва ижтимоий суғурта бюджети маблағлари ҳисобидан санаторий, дам олиш уйлари, санаторий-профилакторий ҳамда болалар соғломлаштириш оромгоҳларига йўлланмалар учун талабнома тузади, уларни тасдиқлаш учун юқори касаба уюшмаси органига тақдим этади, иш берувчи билан биргаликда болалар соғломлаштириш оромгоҳларининг ишларини ташкил этади.

Шунингдек, ижтимоий суғурта бўйича комиссия тузади, унинг ишига раҳбарлик қилади, йўлланмаларни ҳисобга олиш ва уларнинг берилганлиги тўғрисидаги ҳисоботни юритади ҳамда ушбу ҳисоботларни юқори касаба уюшмаси органига тақдим этади.

Бошланғич ташкилот касаба уюшмаси қўмитаси раиси, бошланғич ташкилот касаба уюшмаси ташкилотчиси йўлланмаларни беришда ижтимоий адолат тамойилларига амал қилиниши, шунингдек, ижтимоий суғурта маблағлари ва йўлланмалардан мақсадли фойдаланилиши учун жавобгар ҳисобланади.

9.7. Касаба уюшмаси ташкилотчиси ва касаба уюшмаси органининг муддатдан илгари сайлови бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти аъзоларининг камида учдан бир қисмининг талабига ёки юқори касаба уюшмаси органининг қарорига биноан, шунингдек, касаба уюшмаси гуруҳи ташкилотчиси, касаба уюшмаси ташкилотчиси, бошланғич (цех) ташкилоти сайлаб қўйиладиган касаба уюшмаси органининг ўз ташаббуси билан ўтказилиши мумкин.

9.8. Корхона, ташкилот ёки муассасада мулкчилик шакли ўзгарган тақдирда бошланғич ташкилотнинг касаба уюшмаси қўмитаси илгари фаолият кўрсатган қўмитанинг ҳуқуқий вориси ҳисобланади ва ўз ҳуқуқий мақомини сақлаб қолган ҳолда фаолият кўрсатишда давом этади.

9.9. Касаба уюшмаси қўмитаси цех қўмиталари ва касаба уюшмаси гуруҳларига касаба уюшмаси қўмитасининг ваколатига кирадиган айрим ҳуқуқларни бериши, ўз комиссияларини ташкил қилиши ва уларнинг ваколатларини белгилаб бериши мумкин.

 

  1. X. БОШЛАНҒИЧ, ЦЕХ ТАШКИЛОТИНИНГ
    ТАФТИШ КОМИССИЯСИ

10.1. Ўз мустақил бюджетига эга бўлган бошланғич, цех ташкилотида тафтиш комиссияси сайланади.

10.2. Тафтиш комиссияси мустақил орган бўлиб, бошланғич, цех ташкилотининг умумий йиғилиши (конференцияси)да 5 йил муддатга раис ва комиссия аъзоларидан иборат таркибда сайланади ва уларга ҳисобот бериб боради.

10.3. Тафтиш комиссияси Федерация ва тармоқ касаба уюшмалари Уставларига риоя қилинишини, бюджет ижросини, молия-хўжалик фаолиятини текширади ва амалий ёрдам кўрсатади.

10.4. Тафтиш комиссияси Федерация ва тармоқ касаба уюшмалари Уставлари ҳамда «Тафтиш комиссиялари тўғрисида Низом» доирасида фаолият олиб боради.

 

  1. БОШЛАНҒИЧ ТАШКИЛОТ УМУМИЙ ЙИҒИЛИШИ (КОНФЕРЕНЦИЯСИ), САЙЛАБ ҚЎЙИЛАДИГАН ОРГАНЛАРИ МАЖЛИСЛАРИНИНГ ҲУҚУҚЛИ БЎЛИШИ, УЛАРДА ҚАРОРЛАР
    ҚАБУЛ ҚИЛИШ ВА ОВОЗ БЕРИШ ШАКЛЛАРИ

11.1. Бошланғич ташкилотнинг конференцияси унда делегатларнинг камида учдан икки қисми иштирок этгандагина ҳуқуқли ҳисобланади.

Конференцияга сайланган делегатларнинг ваколатлари конференцияни чақираётган бошланғич ташкилотнинг касаба уюшмаси қўмитаси (қўмита раёсатини сайлаш ҳуқуқи берилган бошланғич ташкилотларда эса қўмита раёсати) томонидан тасдиқланади.

11.2. Бошланғич ташкилотнинг умумий йиғилишлари, сайлаб қўйиладиган органлар мажлислари уларнинг ишида мазкур ташкилотдаги касаба уюшмаси аъзоларининг, сайлаб қўйиладиган органлар аъзоларининг ярмидан кўпи иштирок этган тақдирда ҳуқуқли ҳисобланади.

11.3. Бошланғич ташкилот умумий йиғилиши (конференцияси), сайлаб қўйиладиган органларининг қарорлари уларда қатнашаётган делегатлар, сайлаб қўйиладиган орган аъзолари ёки йиғилиш иштирокчиларининг ярмидан кўпи ёқлаб овоз бергандагина қабул қилинган ҳисобланади.

11.4. Овоз бериш усули (очиқ ёки ёпиқ) тегишли конференциялар делегатлари, йиғилишлар иштирокчилари, сайлаб қўйиладиган органлар аъзолари томонидан белгиланади.

11.5. Бошланғич ташкилотнинг умумий йиғилиши, конференцияси, сайлаб қўйиладиган органлари мажлисларида муҳокама этилган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинади ва натижалари бўйича баёнлар расмийлаштирилади.

 

XII. БОШЛАНҒИЧ ТАШКИЛОТНИНГ
МАБЛАҒЛАРИ ВА МУЛКИ

12.1. Бошланғич ташкилотнинг маблағлари ўз аъзоларининг кириш ва ҳар ойлик аъзолик бадалларидан, иш берувчиларнинг кўнгилли ўтказмалари, шунингдек, қонунда рухсат этилган бошқа фаолиятдан тушган тушумлардан шакллантирилади.

12.2. Аъзолик бадаллари миқдори ва уларни тўлаш тартиби Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Устави, тегишли касаба уюшмалари Уставлари билан белгиланади.

12.3. Касаба уюшмалари аъзолари томонидан тўланган аъзолик бадаллари қайтарилмайди, бошланғич ташкилот олган даромад аъзолар ўртасида тақсимланмайди.

12.4.  Бошланғич ташкилот ихтиёрида қолдирилган маблағлари ҳисобидан амалдаги қонун ҳужжатлари, Федерация Кенгаши томонидан тасдиқланган меъёрий ҳужжатларга мувофиқ қўшимча янги иш ўринлари яратиши, суғурта ташкилотлари ва банклар билан ҳамкорликда компаниялар, кичик корхоналар, акциядорлик жамиятлари тузиб қўшимча даромадлар олиши мумкин.

12.5. Бошланғич ташкилот мазкур маблағлардан амалдаги қонунлар доирасида ўз фаолиятини таъминлаш учун фойдаланади ва уларни тасдиқланган сарф-харажатлар сметаларига биноан, амалдаги меъёрий ҳужжатларга мувофиқ Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва тармоқ касаба уюшмалари Уставларида кўзда тутилган мақсадларга сарфлайди.

12.6. Бошланғич ташкилот амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибда банкдаги пул маблағларини депозитга қўйиш ҳуқуқига эга.

12.7. Бошланғич ташкилот ўзига тегишли мулк ва маблағларга мулкдор ҳуқуқида эгалик қилади ва улардан фойдаланади.

12.8. Имзоланаётган жамоа шартномалари орқали, касаба уюшмаси аъзолик бадалларидан ташқари, иш берувчилар томонидан бошланғич ташкилот ҳисоб рақамига ўтказилган маблағлар, бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик натижасида олинган қўшимча даромадлар, депозитдан тушган маблағлар мазкур жамоа шартномаларида белгиланган тартибда ва мақсадларга сарфланади ҳамда бу ҳақда касаба уюшмаси қўмитаси, ташкилотчиси меҳнат жамоаси олдида ҳисобот беради.

12.9. Бошланғич ташкилотда молиявий фаолият, солиққа оид қонунларга риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш мақсадида тегишли сайлаб қўйиладиган касаба уюшмаси органи қарорига мувофиқ аудиторлик текширувлари ўтказилиши мумкин.

12.10. Касаба уюшмаси аъзолари сони 30 нафаргача бўлган бошланғич ташкилотнинг сарф-харажатлар сметаси умумий йиғилиш томонидан, 30 нафар ва ундан ортиқ бўлган ҳолларда эса касаба уюшмаси қўмитаси томонидан тасдиқланади.

XIII. БОШЛАНҒИЧ ТАШКИЛОТДА
МЕҲНАТ МУНОСАБАТЛАРИ

 

13.1. Бошланғич ташкилотда сайланма лавозимга сайланган ва асосий ишидан озод этилган ходим билан 5 йилга муддатли меҳнат шартномаси тузилади. Меҳнат шартномаси умумий йиғилиш (конференция) номидан умумий йиғилиш (конференция) ваколат берган шахс томонидан имзоланади.

Мазкур бошланғич ташкилотнинг аппарат ходимлари билан меҳнат муносабатлари улар билан тузилган меҳнат шартномалари (умумий тартибда номуайян муддатга), меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, жамоа келишувлари, шунингдек, жамоа шартномалари ва бошқа локал норматив ҳужжатлар билан тартибга солинади.

 

13.2. Штатдаги ходимларнинг шахсий варақалари ва меҳнат дафтарчалари меҳнат шартномаси (контракт) тузилган бошланғич ташкилотда сақланади. Мазкур бошланғич ташкилот меҳнат дафтарчасига ишга қабул қилиш (сайланиши), бошқа доимий ишга ўтказиш ва меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги маълумотларни киритади.

 

XIV. БОШЛАНҒИЧ ТАШКИЛОТНИНГ ҲИСОБИ ВА ҲИСОБОТИ

14.1. Бошланғич ташкилот ўз фаолиятининг натижалари ҳисобини олиб боради ва белгиланган тартибда ўз ҳисоботларини юқори турувчи касаба уюшмаси органи, рўйхатдан ўтказган орган, статистика ва солиқ идораларига тақдим этади.

 

  1. XV. БОШЛАНҒИЧ ТАШКИЛОТНИНГ ЮРИДИК
    ШАХС СИФАТИДАГИ ҲУҚУҚЛАРИ

15.1. Касаба уюшмасининг бошланғич ташкилоти юридик шахс ҳисобланади. У ўз муҳри, штамплари, бланклари, банкларда ҳисоб рақамларига эга бўлади.

 

XVI. БОШЛАНҒИЧ ТАШКИЛОТНИ ТУГАТИШ ЁКИ
ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ

16.1. Бошланғич ташкилотни тугатиш ёки қайта ташкил этиш бошланғич ташкилот умумий йиғилиши (конференцияси) қарорига асосан амалга оширилади.

16.2. Бошланғич ташкилотни тугатиш ёки уни қайта ташкил этиш тўғрисидаги қарор кворум мавжуд бўлган ҳолда конференция барча делегатлари ёки умумий йиғилишда иштирок этаётганларнинг камида учдан икки қисми овоз берган тақдирдагина қабул қилинган ҳисобланади.

16.3. Бошланғич ташкилотни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда белгиланган тартибда барча ҳисоб-китоблар қилинади, кредит, қарз ва улар бўйича фоизлар қайтарилади, бошқа мажбурий тўловлар тўланади.

Мазкур ишлар якунланганидан кейин қолган мулк бошланғич ташкилот умумий йиғилиши (конференцияси) қарори билан Устав мақсадларини амалга ошириш ишларига йўналтирилади.

16.4. Бошланғич ташкилот қайта ташкил этилганда умумий йиғилиш (конференция) унинг ҳуқуқий ворисини белгилайди.

16.5. Бошланғич ташкилотни бир касаба уюшмаси хизматидан бошқа касаба уюшмаси хизматига ўтиши тегишли Марказий кенгашлар (амалда касаба уюшмаси хизматида бўлган ва касаба уюшмаси хизматига ўтилмоқчи бўлган касаба уюшмалари Марказий кенгашлари) Раёсатларининг қўшма қарори асосида амалга оширилади.

16.6. Бошланғич ташкилотни тугатиш Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда суд қарорига асосан амалга оширилиши ҳам мумкин.

 

1